Ижтимоий тармоқлар орқали “Salmon Lazzat” ОК томонидан тегишли ҳужжатга эга бўлмаган реклама жойлаштирилганлиги ва таомномада маълумотлар хорижий тилда тақдим этилгани юзасидан танқидий мурожаат қолдирилган. Ҳолат бўйича Рақобат қўмитаси маълумот тақдим этди.
Рақобат қўмитаси Самарқанд вилояти ҳудудий бошқармаси томонидан мазкур мурожаат ўрганилганда “Salmon Lazzat” ОК томонидан Ўзбекистон Республикасининг “Реклама тўғрисида”ги Қонунининг 26-моддасига зид равишда реклама жойининг паспорти мавжуд эмаслигига қарамай реклама тарқатилгани, шунингдек, “Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонунининг 6-моддаси талабларини бузган ҳолда умумий овқатланиш корхонаси таомномасида давлат тилида маълумот берилмагани аниқланди.
Юқоридагиларга кўра, ҳудудий бошқарма Махсус комиссияси томонидан “Salmon Lazzat” ОКга нисбатан “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги ва “Реклама тўғрисида”ги Қонунлар ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 75-сонли қарори билан тасдиқланган “Ўзбекистон Республикасида умумий овқатланиш маҳсулотларини (хизматларни) ишлаб чиқариш ва сотиш Қоидалари” талаблари бузилиши аломатлари юзасидан иш кўриб чиқилиб, қонунбузилиш ҳолатларини бартараф этиш юзасидан бажарилиши мажбурий бўлган кўрсатма берилди ҳамда молиявий жарима қўлланилди.
Аввалроқ, Навоийда ҳам таомномани давлат тилида ёзмаган ошхонага чора кўрилган эди.