Бугун бўлиб ўтган матбуот анжуманида ўзлаштириш кўрсаткичи 3,5 ва ундан юқори бўлган айрим тоифадаги талабаларга кейинги ўқув йили учун фоизсиз таълим кредити ажратилиши маълум қилинди.
Маълумки, олийгоҳларда давлат гранти квоталарини табақалаштирилган тарзда қайта тақсимлаш амалиёти жорий этилди. Қайд ўтилишича, эндиликда иккинчи ва ундан юқори курсларда таҳсил олаётган, ўзлаштириш кўрсаткичи юқори бўлган ижтимоий фаол талабаларга таълим гранти тўлиқ ва тўлиқ бўлмаган шаклларда тақдим этилади.
Шунингдек, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ҳамда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги томонидан белгиланган айрим тоифадаги талабаларга қўшимча имкониятлар яратилди.
Ушбу тоифадаги талабалар ўзлаштириш кўрсаткичига қараб икки турдаги грантдан фойдаланиши мумкин. Биринчи турдаги грант орқали уларнинг контракт тўлови Давлат бюджетидан тўлиқ қопланади, иккинчи турдаги грантда эса молиявий мустақил олийгоҳларнинг маблағлари ҳисобидан контракт суммасининг маълум бир қисми қоплаб берилади.
Бундан ташқари, ушбу тоифадаги абитуриентлар учун давлат гранти квотасидан ташқари 10 фоизгача қўшимча грантлар ажратилади. Давлат грантига ўтиш балининг 80 фоизидан юқори натижа кўрсатган абитуриентлар ушбу грантлар орқали ўқишга кириш имкониятига эга бўлади