АсосийЖамият

Германияда ишлаётган ўзбек ҳамширалари сони маълум қилинди

Швейцария компанияси ўзбекистонлик ҳамшираларни Германиядаги бўш иш жойлари учун танлаш, ўқитиш ва ишга қабул қилиш бўйича бир қатор лойиҳаларни амалга ошириб келмоқда.

'Германияда ишлаётган ўзбек ҳамширалари сони маълум қилинди'ning rasmi

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миграция агентлиги, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги ҳамда Швейцариянинг “GLOBOGATE concept AG” компанияси ўзбекистонлик ҳамшираларни Германия Федератив Республикасидаги бўш иш жойлари учун танлаш, ўқитиш ва ишга қабул қилиш бўйича бир қатор лойиҳаларни амалга ошириб келмоқда.

Жумладан, мамлакатимиздаги малакали ўрта тиббиёт ходимлари ушбу лойиҳалар доирасида Германиянинг Ахеn университети клиникаси, Asklepios касалхоналари, Enzkreis клиникалари, Бранденбург ва Карсруэ шаҳарлари клиникаси ва Salus Altmark клиникаларига умумий ҳамширалик ҳамда психиатрик ҳамшира сифатида ишлаш учун таклиф этиляпти.

Бугунга қадар Миграция агентлиги, “GLOBOGATE concept AG” ташкилоти ҳамда Германиянинг юқорида қайд этилган тиббиёт муассасаларидан Ахеn университети клиникаси, Asklepios касалхоналари ва Enzkreis клиникалари билан ҳамкорликда ўтказилган синов имтиҳонларидан 400 нафар ҳамшираларимиз муваффақиятли ўтиб, ушбу мамлакатда тиббий фаолиятини олиб бормоқда.

 Шунингдек, танловларда сараланган яна 550 нафар ўрта тиббиёт ходими айни пайтда ўқув жараёнларида иштирок этяпти. Уларнинг 370 нафари умумий ҳамширалик йўналишларида, қолган 180 нафари эса психиатрия бўлимларида ишлаш учун тайёрланмоқда.

 Дастур доирасида йил сўнгига қадар 350 нафар ўрта тиббиёт ходимини хорижда ишлаш учун тайёрлаш ва Германия клиникаларига юбориш режалаштирилган.

    Бошқа янгиликлар