НАТО раҳбари Марк Рютте Россия томонидан фазода ядровий қурол жойлаштирилиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирди. Бош котибнинг айтишича, Россия сунъий йўлдошларга қарши фазода ядровий қуролдан фойдаланишни кўриб чиқмоқда. Бу 1967 йилда қабул қилинган Фазодан фойдаланиш тўғрисидаги шартномани бузиш ҳисобланади.
НАТО Россия ядровий қуролларни космосга жойлаштириб, сунъий йўлдошларни нишонга олиш имконини кўриб чиқмоқда, деган хавотирда. Ташкилот бош котиби Марк Рютте бу эҳтимол ҳақида Германиянинг Welt am Sonntag газетасига берган интервьюсида маълум қилди.
Унинг айтишича, Москванинг фазовий имкониятлари Ғарбга нисбатан эскириб қолган. "Шу боис, фазода ядровий қурол ишлаб чиқиш — Россия учун ўз имкониятларини яхшилаш усули ҳисобланади. Бу эса катта ташвиш уйғотади", — деди Рютте.
Қуроллар Ерни эмас, балки сунъий йўлдошларни нишонга олиши мумкин бўлса-да, уларни йиқитиш жиддий оқибатларга олиб келиши мумкин. Чунки бугунги кунда навигация, алоқа ва атроф-муҳит мониторинги каби кўплаб тизимлар сунъий йўлдошларга таянади.
Рюттенинг таъкидлашича, бундай ҳаракат Россия томонидан 1967 йилда АҚШ ва СССР томонидан имзоланган Фазодан фойдаланиш тўғрисидаги шартномани бузиш бўлади. У ҳозиргача халқаро фазо ҳуқуқининг асосий асоси бўлиб, фазода оммавий қирилиш қуролларини жойлаштиришни тақиқлайди.
Рюттега кўра, НАТО иттифоқчилари янги таҳдидларга мослашмоқда, ахборот алмашмоқда ва яхшироқ ҳимояланган сунъий йўлдошлар ишлаб чиқмоқда.
"Сўнгги йилларда фазо тобора гавжумлашиб, хатарли ва ноаниқ маконга айланмоқда. Биз фазодаги рақобат қаттиқ ва кескин тус олганини биламиз. Бу фақат тижорий эмас, балки хавфсизлигимизга ҳам таъсир кўрсатади", — деган НАТО бош котиби.
Абдуллоҳ Саййид