Россиялик 19 яшар киберспортчи - Counter-Strike 2 (CS2) снайпери Илья «m0NESY» Осипов киберспорт тарихидаги энг қиммат трансферга айланди. Унинг G2 Esports жамоасидан Саудия Арабистонининг Team Falcons киберспорт клубига ўтиши учун 2,5 миллион доллар тўланган. Бу ҳақда бир қатор киберспорт нашрлари хабар берди.
Team Falcons аввалроқ Осипов учун 3 миллион долларгача тўлашга тайёр эканлигини билдирган, аммо G2 Esports унинг трансферига розилик бермаган. Натижада, m0NESY 2025 йилнинг биринчи ярмида G2 таркибида қолиши кутилмоқда.
Маълумки, Team Falcons жамоаси 2024 йилдаги бир қатор муваффақиятсизликлардан сўнг ўз таркибини қайта шакллантиришга қарор қилган эди. Жамоа G2 Esports сардори Никола «NiKo» Ковачни ўз таркибига қўшиб олди. Шунингдек, Team Falcons финляндиялик истеъдодли ўйинчи Джими «Jimpphat» Салони ҳам жалб қилишга ҳаракат қилмоқда
Counter-Strike 2 — Valve компаниси томонидан ишлаб чиқилган ва 2023 йилда чиқарилган машҳур шутер ўйиннинг янги версиясидир. У киберспорт дунёсида энг оммалашган ўйинлардан бири ҳисобланади.
Илья «m0NESY» Осипов — Россиялик ёш снайпер бўлиб, 2022 йилда G2 Esports жамоасига қўшилган. У ўзининг тезкор реакцияси ва аниқ ўйини билан танилган. 2024 йилда у G2 билан бирга IEM Dallas, BLAST Premier Fall Final ва BLAST Premier World Final мусобақаларида ғолиб чиқди. Бу уни йилнинг энг яхши ўйинчиси номига даъвогарлардан бирига айлантирди.
Team Falcons’нинг m0NESYга бўлган қизиқиши унинг юқори даражадаги ўйини ва ёшлиги билан боғлиқ. Team Falcons Илья ёрдамида жамоани янги босқичга олиб чиқишни мақсад қилган.
Абдуллоҳ Саййид