АсосийЖиноят

Тошкентда “2 минг сўм учун” гиёҳвандлик каналини реклама қилган шахс 37,5 млн сўм жаримага тортилди

Пойтахтнинг Учтепа туманида девор ва устунларга гиёҳвандлик воситалари савдоси билан шуғулланувчи Telegram каналининг рекламасини ёпиштириб юрган эркак қўлга олинди.

'Тошкентда “2 минг сўм учун” гиёҳвандлик каналини реклама қилган шахс 37,5 млн сўм жаримага тортилди'ning rasmi

Тошкент шаҳрининг Учтепа туманида 1985 йилда туғилган фуқаро гиёҳвандлик воситалари савдоси билан шуғулланувчи Telegram канал рекламасини девор ва устунларга ёпиштириб юрган вақтида ушланди. Бу ҳақда пойтахт ИИББ ахборот хизмати маълум қилди.

Қайд этилишича, ўтказилган суриштирувларда ҳақиқатданам гиёҳвандлик моддалари тарқатилиши аниқланган. Фуқаро билан суҳбатлашилганда ҳар бир рекламаси учун 2 минг сўмдан пул олаётгани маълум бўлди. 

Бу ишни бошлаганимга 4 кун бўлди. Тўртинчи куни ИИБ ходимлари мени ушлаб олишди. QR код орқали кирилса, бу гиёҳвандлик воситалари савдоси канали эканлигини тушунтиришди. Бу ишни билиб-билмасдан қилиб қўймоқдамиз, дейди айбланувчи. 

Ушбу ҳолат жиноят ишлари бўйича Учтепа тумани судида кўриб чиқилди ва фуқаро МЖтКнинг 56-прим 4-моддаси (гиёҳвандлик воситаларини, уларнинг аналогларини ёки психотроп моддаларни тарғиб қилувчи маҳсулотни тайёрлаш, тарқатиш, реклама қилиш, намойиш этиш) асосан айбли деб топилди.

Фуқарога нисбатан БҲМнинг 100 баравари (37,5 млн сўм) миқдорида жарима қўлланилди.

    Бошқа янгиликлар