АсосийЖамият

Заргарлар мол-мулк ва ер солиғидан озод этилади

Айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.

'Заргарлар мол-мулк ва ер солиғидан озод этилади'ning rasmi

Қонун (ЎРҚ-1059-сон, 18.04.2025 й.) билан айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди. Бу ҳақда Адлия вазирлиги хабар берди.

Қонун билан Солиқ кодексига киритилган ўзгартиришга кўра, 2024 йил 1 сентябрдан 2027 йил 1 сентябргача “Ҳунарманд” уюшмасининг аъзолари учун белгиланган солиқ имтиёзларининг заргарлик буюмларини ишлаб чиқариш билан шуғулланадиган ва "Ўзбекзаргарсаноати" уюшмасининг аъзолари бўлган ЯТТларга нисбатан ҳам татбиқ этилиши белгиланди. 

Шунингдек, мазкур ЯТТларнинг ишлаб чиқаришда фойдаланиладиган кўчмас мулк объектлари ҳамда ер участкалари мол-мулк солиғи ва ер солиғидан озод этилади. 

 “Қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошлар тўғрисида” ги қонунга киритилган қўшимчага кўра, аффинаж корхоналари қўшимча рухсат бериш тартиб-таомилларидан ўтмай қуйидаги ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши кўзда тутилди:

  • заргарлик буюмларини ишлаб чиқарувчиларга қимматбаҳо металларни қулай шакллар ва ҳажмларга келтирган ҳолда реализация қилиш;
  • қимматбаҳо металлардан сувенир тангаларни ишлаб чиқариш ва реализация қилиш.

Бундан ташқари, заргарлик буюмларини ишлаб чиқарувчилар ўзлари қимматбаҳо металлардан ясаган заргарлик буюмларининг ярим тайёр маҳсулотларини бошқа заргарлик буюмларини ишлаб чиқарувчиларга реализация қилиш ҳуқуқига эгалиги белгиланди. 

Бунда ярим тайёр маҳсулотларни реализация қилиш қиймати заргарлик буюмларини ишлаб чиқарувчилар томонидан Лондон қимматбаҳо металлар бозори уюшмасининг эрталабки фиксинги баҳосидан ва Марказий банкнинг ҳисоб-китоб амалга оширилаётган кундаги курсидан кам бўлмаган миқдорда мустақил равишда белгиланиши кўрсатиб ўтилди.

    Бошқа янгиликлар