Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги томонидан оммавий ахборот воситалари ва блогерлар учун Андижон вилоятида ташкил этилган пресс-тур давомида вилоятда ижтимоий ҳимоя соҳасида амалга оширилаётган ишлар, инновацион лойиҳалар ҳамда яратилаётган замонавий хизматлар билан яқиндан танишиш имкони яратилди.
Биринчи манзил: “Имкониятлар олами” – имконият эшикларини очувчи маскан
Пресс-турнинг дастлабки манзили – Андижон шаҳрида жойлашган “Имкониятлар олами” маркази бўлди. Умумий майдони 4,7 гектарни ташкил этувчи ушбу мажмуада 22 та иншоот мавжуд бўлиб, шулардан 16 та коттеж ногиронлиги бўлган шахслар учун турар жой сифатида фаолият юритмоқда.
Марказ ҳудудида маъмурий бино, ёпиқ спорт зали, фаоллар зали, касб-ҳунарга ўргатувчи марказ, болалар майдончаси ва мини футбол майдони мавжуд. Муассасада тажрибали мутахассислар, тарбиячилар ва шифокорлар доимий хизмат кўрсатади. Ҳозирда бу ерда кунига 350 нафарга яқин фуқарога хизмат кўрсатилмоқда ва келгусида ушбу кўрсаткични 500 нафарга етказиш режалаштирилган.
Қувонарли томони шундаки, мазкур марказда 0–3 ёшли ногиронлиги бўлган болалар учун Республикада илк бор “эрта аралашув” хизмати йўлга қўйилган. Айни пайтда мамлакатимизда шундай ёшдаги 22,5 минг нафар бола мавжуд бўлиб, ҳар йили тахминан 2–2,5 минг нафар чақалоқ турли туғма нуқсонлар билан дунёга келади. Мазкур хизмат келгусида барча ҳудудларда ҳам жорий этилиши режалаштирилган.
Иккинчи манзил: Инклюзив таълим – ҳар бир болага меҳр ва тенг имконият
Пресс-турнинг навбатдаги манзили Андижон шаҳридаги 40-сон кўп тармоқли мактабгача таълим муассасаси бўлди. Бу ерда имконияти чекланган ва ақли заиф болалар учун мўлжалланган инклюзив таълим тизими амалда қўлланилаётгани билан алоҳида эътирофга сазовор.
Муассасада таълим ва тарбия жараёни ҳар бир боланинг индивидуал эҳтиёжларидан келиб чиқиб ташкил этилган. Педагог ва дефектологлардан иборат малакали жамоа томонидан таълим билан бир қаторда реабилитация, логопедик машғулотлар, психологик ёрдам ва ижтимоий фаолликка йўналтирилган машғулотлар ҳам олиб борилмоқда. Бу эса болаларнинг қобилиятини ривожлантириш, ўз-ўзига ишончни ошириш ва мустақил ҳаёт кечиришга тайёргарлик кўришда муҳим омил бўлиб хизмат қилмоқда.
Муассасада ташкил этилган “Ғамхўрлик” гуруҳи орқали болаларга кундузги сифатли парвариш хизматлари кўрсатилади. Бу эса ишбилармон ота-оналарга фарзандларини ишончли қўлларга топширган ҳолда касбий фаолият билан эркин шуғулланиш имконини тақдим этмоқда.
Инклюзив таълимнинг бундай илғор намуналари жамиятда тенг имкониятлар муҳитини яратиш, болаларнинг келажакда мустақил ҳаёт кечириш салоҳиятини оширишда муҳим аҳамият касб этади.
Жасмина Шаимова тайёрлади