2024 йил март ойида Хонобод шаҳар “А.Навоий” маҳалласида Қирғиз Республикасининг Жалолобод вилояти билан боғловчи яширин туннель топилди. Ер ости йўлаги орқали товарларни ноқонуний ташиш ташкил этилгани аниқланди. Бу ҳақда “Darakchi.uzз”га ДХХ маълум қилди.
“Тоннабоп” мобил телефонлар ва олтин
Қирғизистон фуқароси 5 млрд 954 млн сўмлик 812 дона мобил телефонни Ўзбекистонга олиб ўтишга, 1 млрд 558 млн сўмлик 1,7 кг ностандарт олтинни мамлакатдан олиб чиқишга уринган пайтда қўлга олинди.
Шериклар ҳам фош бўлди
Андижон шаҳри ва Олтинкўл туманида яшовчи 3 нафар фуқаронинг манзилларидан қўшимча равишда 2 млрд 839 млн сўмлик техника буюмлари аниқланди. Улар орасида мобил телефонлар, қулоқчинлар, адаптерлар ва УСБ кабеллар бўлган.
Ер ости туннели қандай қурилган?
Туннель 18-20 метр чуқурликда, 60-70 см кенгликда ва 170-180 см баландликда бўлиб, узунлиги 300-350 метрни ташкил этган. Гуруҳ аъзолари вазифаларини аниқ тақсимлашгани маълум бўлди.
Суд ҳукми: озодликдан маҳрум этилди
Андижон шаҳар суди Қирғизистон фуқаросини 6 йилга, 3 нафар Ўзбекистон фуқаросини эса 5 йилга озодликдан маҳрум қилди. Улардан олинган барча мол-мулк ва яширин туннель давлат фойдасига мусодара қилинди.
Иккинчи туннель ҳам топилди
Хонободда яна бир ер ости йўлаги аниқланиб, у ҳам суд қарори билан йўқ қилинди. Уй ва ундаги ашёвий далиллар давлат фойдасига мусодара қилинди. Уй эгаси 5 йилга қамалди.
Қонунбузарликларга қарши кураш давом этади
Тергов давомида қўшни давлатдан олиб келинган мобил телефонлар Андижон ва Тошкентдаги савдо марказларида сотилгани маълум бўлди. Ҳуқуқ-тартибот органлари бундай жиноятларга қарши қатъий курашишни давом эттирмоқда.