АсосийДунё

Россияда ёзувчи Дмитрий Бйковга жиноят иши қўзғатилди

Терговчилар ҳозирда Бйковни қидирувга бериш масаласини кўриб чиқмоқда.

'Россияда ёзувчи Дмитрий Бйковга жиноят иши қўзғатилди'ning rasmi

Россия Тергов қўмитаси ёзувчи Дмитрий Бйковга нисбатан жиноят иши очилганини маълум қилди. Расмий баёнотда айтилишича, у Россия армияси ҳақида “ёлғон маълумотлар” тарқатганликда ва “хориждаги агент” мақомини олган шахс сифатида қонуний мажбуриятларни бажармаганликда айбланмоқда.

Терговчилар ҳозирда Бйковни қидирувга бериш масаласини кўриб чиқмоқда.

Давлат агентлиги ТАССнинг хабар беришича, айбловларга сабаб бўлган асосий ҳолат — Бйков томонидан Россия Қуролли Кучларининг Украинадаги тинч аҳоли вакилларига қарши ҳаракатлари ҳақида видеоролик эълон қилиниши бўлган.

Маълумот учун, Дмитрий Бйков 2022 йилдан бери АҚШда яшаб, ижод қилмоқда. Айнан ўша йилда, Украинага босқиндан сўнг, Россия Жиноят кодексига 207.3-модда киритилган эди. Ушбу модда Россия армияси ҳақида “сохта ахборот” тарқатганлик учун 15 йилгача озодликдан маҳрум этиш жазосини назарда тутади.

Амалиётда эса бу модда кўпроқ Украина урушидаги ҳарбий жиноятлар ҳақида очиқ гапирган журналистлар, ҳуқуқшунослар, сиёсатчилар ва фаолларга нисбатан ишлатилмоқда.

    Бошқа янгиликлар