Бугун, 1 майга ўтар кечаси Россия Федерацияси қуролли кучлари Украина ҳудудларига йирик ҳаво ҳужумини амалга оширди. Бу ҳақда Украина Қуролли Кучлари Ҳаво кучлари қўмондонлиги маълум қилди.
Украина расмийларининг баёнотига кўра, Россия томонидан жами 5 та "Искандер-М" баллистик ракетаси ва 170 та турли дрон учирилган. Украина ҳаво мудофааси 74 та “Шаҳед” туридаги зарба берувчи дронларни уриб туширган. Яна 68 та имитатор дронлар радарлар томонидан “йўқолган” деб баҳоланган.
Ҳужум оқибатида Одесса, Харков, Сумй, Донетск ва Киэв вилоятларида инфратузилмаларга зарар етган.
Одессада бир нечта кўп қаватли ва хусусий уйлар, супермаркет, мактаб ҳамда енгил автомобиллар зарарланган. Вилоят раҳбари Олег Кипернинг маълум қилишича, шаҳар бўйлаб бир нечта ёнғинлар содир бўлган. Фожиа натижасида икки киши ҳалок бўлган, 15 киши жароҳат олган.
Киев вилоятида эса дрон парчалари хусусий уйни ва ёрдамчи бинони ёндириб юборган, аммо одамлар орасида талафот қайд этилмаган.
Харков шаҳрида эса дронлар шаҳарнинг Киэв туманидаги автомобилларга ёнилғи қуйиш шохобчасини нишонга олган. Ёнғин юзага келган, аммо жабрланганлар йўқ.
Шунингдек, Россия Мудофаа вазирлиги ўз баёнотида билдирганича, тунда РФ ҳаво мудофааси томонидан Курск, Воронеж, Владимир ва Белгород вилоятларида жами 8 та украиналик дрон уриб туширилган.