АсосийЖамият

“Ботаника” турар жой мажмуаси қурилиши тўхтатиладиган бўлди

Бунга тадбиркорлар эътирози сабаб бўлган.

'“Ботаника” турар жой мажмуаси қурилиши тўхтатиладиган бўлди'ning rasmi

Тошкент шаҳрининг Мирзо Улуғбек тумани ҳудудида жойлашган эски саноат зонаси ҳудудида қурилаётган “Ботаника” турар жой мажмуаси қурилиши ҳудуддаги тадбиркорларнинг эътирози сабаб тўхтатилди. Бунга Олий суд маъмурий ишлар бўйича судлов ҳайъати тафтиш инстанциясининг 2025 йил 27 январдаги қарори асос бўлган — суд қарори билан Тошкент шаҳар қурилиш бош бошқармасининг ушбу манзилда кўп қаватли турар жой қуриш учун тадбиркорга берган ижобий хулосаси ҳақиқий эмас деб топилган.

Маълум бўлишича, United Industrial Equipment МЧЖ судга мурожаат қилиб, Тошкент шаҳар қурилиш бош бошқармасининг эски саноат зонасида тадбиркорга кўп қаватли уй қуриш ҳуқуқини берувчи 2023 йил 15 августдаги рухсатномаси ва қурилиш бош бошқармасининг 2023 йил 22 сентябрдаги 95161354-сонли ижобий хулосасини ҳақиқий эмас деб топиш сўраган.

Тошкент туманлараро маъмурий судининг 2024 йил 19 апрелдаги ҳал қилув қарори билан МЧЖларнинг талаблари рад қилинган. Сўнгра иш Тошкент шаҳар маъмурий суди апелляция инстанциясида кўриб чиқилган. Судда иштирок этган Санитария – эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси Тошкент шаҳар бошқармаси мутахассиси “дом” қурилаётган манзил саноат зонасида жойлашганини, белгиланган талабларга асосан турар жой бинолари омборлардан камида 50 метр масофада жойлашган бўлиши кераклигини, мавжуд санитария меъёрларига мос келмаслигини билдирган.

Мирзо Улуғбек тумани Фавқулодда вазиятлар бўлими мутахассиси эса United Industrial Equipment ва Unieq Finance Leasing МЧЖлар ҳудудидан “Ботаника” кўп қаватли турар жой биноси фундаментигача бўлган оралиқ масофа 4,6 метрни ва энг узоқ масофа 8,3 метрни ташкил этишини, шу боис бинони жойлаштириш схемасида кўрсатиб ўтилган оралиқ масофа талаби бузилганини маълум қилган.Тошкент шаҳар маъмурий суди апелляция инстанциясининг 2024 йил 29 июндаги қарори билан дастлабки суд қарори ўзгартирилган ва жавобгар Тошкент шаҳар қурилиш бош бошқармасининг 2023 йил 22 сентябрдаги 95161354-сонли хулосаси ҳақиқий эмас деб топилган. Шунингдек, апелляция инстанцияси суди Тошкент шаҳар қурилиш бош бошқармасига нисбатан хусусий ажрим ҳам чиқарган. Унда бошқарма томонидан қайд этилган хато ва камчиликларни бартараф этиш мақсадида чора-тадбирлар белгилаш ва натижаси юзасидан бир ой муддатда Тошкент шаҳар маъмурий судига хабар бериш белгиланган.

Тошкент шаҳар маъмурий суди тафтиш инстанциясининг 2024 йил 13 сентябрдаги қарори билан апелляция инстанцияси қарори ва хусусий ажрими бекор қилиниб, дастлабки суд қарори ўз кучида қолдирилган.

    Бошқа янгиликлар