Япония пойтахти Токио шаҳрида жиноят содир этганликда гумон қилиниб, беш нафар ўзбекистонлик эркак ҳибсга олинди. Бу ҳақда “Tokyo Reporter” хабар берди.
Маълумотларга кўра, 2023 йилнинг охирларидан бошлаб улар Шибуя ва Шинжуку ҳудудларида бир нечта жиноятларга қўл урганликда гумон қилинмоқда.
30 декабрь куни Шибуя туманида 21 ёшли Ҳасанбой Дўсматов ва унинг тўрт нафар шериги уч нафар чет элликка ҳужум қилган. Дўсматов улардан бирининг юзига тепган ва умумий қиймати 210 минг иена (тахминан 1400 АҚШ доллари) бўлган сумка ва ҳамёнларни олиб қочган.
Полиция уларни босқинчилик ва тан жароҳати етказиш айби билан қўлга олди. Дўсматов ҳозирча терговчиларга кўрсатма бермаяпти. Бошқа тўрт гумонланувчи эса айбловларни рад этмоқда.
Ҳибсга олинганлардан тўрт нафари, жумладан Дўсматов ҳам, Японияда ноқонуний яшаб келгани аниқланган. Полиция уларнинг кўчада ухлаётган одамларни нишонга олган ҳолда талончилик билан шуғулланган бўлиши мумкинлигини билдирган.
Шунингдек, улар ўғирланган кредит карталари орқали iPhone харид қилиб, уларни сотиш орқали 8 миллион иена (55 минг доллардан ортиқ) даромад қилганликда гумон қилинмоқда.
Терговчиларга кўра, Дўсматов жиноятчилар гуруҳига раҳбарлик қилган. У Telegram орқали жиноятларни амалга ошириш вақтлари ҳақида буйруқлар юбориб турган.