Қуролли тўқнашувлар пайтида бедарак йўқолганлар сони тез суръатлар билан ортиб бормоқда. Биргина 2024 йилда Халқаро Қизил Хоч қўмитаси 56 мингта янги ҳолатни қайд этган.
Бу ҳақда БМТ Бош котиби ёрдамчиси Холид Хиари пайшанба куни БМТ Хавфсизлик кенгаши йиғилишида Сиёсий масалалар департаменти номидан маълум қилди.
У ўз нутқида Хавфсизлик Кенгашининг 2019 йилда қабул қилинган бедарак йўқолганлар ва уларнинг оилалари ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган 2474-сонли резолюциясини зудлик билан ва тўлиқ амалга оширишга чақирди.
"Можароларда бедарак йўқолганлар сони бўйича тўлиқ статистика мавжуд эмас, - деди Хиари, - аммо биз вазият кескинлигини тушуниш учун етарлича маълумотга эгамиз."
У яқинда Ғазода АҚШ ва Исроил фуқароси Эден Александрнинг озод этилганини олқишлаб, буни "умид нури" деб атаган.
Бироқ, унинг сўзларига кўра, Ғазода 58 нафар исроиллик асир бор. Шу билан бирга, минглаб фаластинликлар, жумладан, болалар бедарак йўқолган, кўплари вайроналар остида қолмоқда, уларнинг оилалари эса уларнинг тақдири ҳақида маълумотга эга эмас.
"Исроил ҳалок бўлган фаластинликларнинг жасадларини, жумладан, номаълум қабрларга кўмилганларини ушлаб туришда давом этмоқда, бу эса оилаларни ўз яқинларини дафн этиш имкониятидан маҳрум қилмоқда. Бундан ташқари, 2023 йил октябр ойидан бери ҳибсга олинган кўплаб фаластинликларнинг тақдири номаълумлигича қолмоқда," - дея қўшимча қилди у.