Россия Федерацияси Ҳукумати 2025 йил 30 июндан бошлаб визасиз тартибда мамлакатга келаётган хорижий фуқаролар учун олдиндан рақамли рўйхатдан ўтиш мажбуриятини жорий қилади. Бу ҳақда Россия Ички ишлар вазирлиги ва “Госуслуги RuID” мобиль иловаси ҳамкорлигида амалга ошириладиган янги тизим тақдимотида маълум қилинди.
Янги тизим талабларига кўра, Россияга келаётган хорижий фуқаролар Россия чегарачидан ўтишдан камида 72 соат аввал “Госуслуги RuID” иловаси орқали шахсий кабинет яратиши, ариза тўлдириб рўйхатдан ўтиши шарт. Ариза қабул қилингач, мигрантга уникал QR код берилади. Бу код Россия чегара пунктида назорат-ўтказиш органлари томонидан сканер орқали текширилади.
Хорижий фуқаро аризасида паспорт фотосуратлари ва шахсий маълумотлар ҳамда Россияда бўлиш режаси (бошланғич ва тугаш саналари) кўрсатилиши лозим.
“Госуслуги RuID” иловаси орқали рўйхатдан ўтиш мигрантлар учун бепул.Иловада ариза тўлдириш жараёни соддалаштирилган ва бир неча дақиқа вақтни олади холос.
Фавқулодда ҳолатларда, масалан хорижий фуқаро ёки унинг яқин қариндошида тўсатдан касаллик, оламдан ўтиш каби ёрдамни тезкор талаб қилувчи ҳолат юз берса, рўйхатдан ўтишни Россияга киришдан камида 4 соат олдин бажариш ҳам мумкин.
Янги тартиб айрим тоифа шахсларга татбиқ этилмайди. Беларус Республикаси фуқаролари, 6 ёшгача бўлган болалар, виза асосида ёки вақтинча истиқомат рухсатномаси (РВП) ҳамда доимий яшаш рухсатномаси (ВНЖ) билан кирувчилар шулар жумласидандир.
Янги ташаббускорларининг иддао қилишича, рақамли рўйхатдан ўтиш меҳнат миграциясини назорат қилишни яхшилайди, хавфсизликни оширади ва чегарадаги навбатларни камайтиради. Бу тизим — хорижий фуқароларни автоматлаштирилган равишда кузатиш, уларнинг Россиядаги юриш-туришини тезкор мониторинг қилиш имконини беради.
Шу билан бирга, Россия Ички ишлар вазирлиги қошидаги чегара хизмати раҳбарлари шундан сўнг ҳам тизимни такомиллаштириш ва фуқаролар мулоқотини осонлаштириш бўйича таклифлар киритиш устида иш олиб бораётганини маълум қилишди.
Абдуллоҳ Саййид