Аввалроқ, ижтимоий тармоқларда номаълум шахс жароҳат олганлиги акс этган видео тарқалди. Тошкент шаҳар ИИББ матбуот хизмати ҳолат юзасидан маълумот берди.
Қайд этилишича, жорий йилнинг 22 май куни тахминан соат 20:00 ларда Олмазор тумани “Чустий” маҳалласи ҳудудида 2003 йилда туғилган А.С. ўзининг таниши 2006 йилда туғилган С.Ў. билан келишмовчилик сабабли тортишиб қолган ва ўзаро жанжаллашиб кетган.
Жанжал вақтида фуқаро А.С. ўткир тиғли жисм билан С.Ў. га тан жароҳати етказган. Натижада жабрланувчи “Кўкрак қафаси орқа соҳаси чап томон кесиб санчилган жароҳати” ташхиси билан шифохонага жойлаштирилган.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 105-моддаси 2-қисми “м” банди ("Қасддан баданга ўртача оғир шикаст етказиш - қуролни ёки совуқ қурол сифатида фойдаланилиши мумкин бўлган ашёларни ишлатиб содир этилиши") билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
"Тергов якуни бўйича қонуний қарор қабул қилиниши таъминланади",— дейилади хабарда.