Аввалроқ darakchi.uz Тошкент вилоятидаги касалхонада ҳомиладор келин ўлик ҳолда 7 соат сақлангани ҳақида хабар берган эди. Ушбу иш бўйича суд иши бошланганди.
Маълум қилинишича, судланувчи М.У. ўз касбига нисбатан бепарволиги ёки инсофсизлик билан муносабатда бўлиши туфайли касб юзасидан ўз вазифаларини бажармаганлиги ёки лозим даражада бажармаганлиги натижасида мазкур қилмиш эҳтиётсизлик орқасида одам ўлими ва бошқача оғир оқибатларга (ҳомилани нобуд бўлишига) сабаб бўлишида ифодаланган жиноятни содир этган, жумладан судланувчи М.У. Бўка тумани тиббиёт бирлашмаси туғруқ бўлимида врач акушер-генеколог лавозимида ишлаб келган даврда 06.08.2004 йилда туғилган жабрланувчи Н.С. 20.11.2024 йилда Бўка туман тиббиёт бирлашмаси туғруқ бўлимида жарроҳлик амалиёти вақтида вафот этган бўлиб, РСТЭИАМ Тошкент вилояти филиали Оққўрғон туман бўлимининг хулосасида, С.Н. ўлими ўпкалар қоғоноқ суви эмболияси, “HELLP” синдроми, анафилактик шок, ДВС синдроми билан асоратланиш, ўткир юрак қон томир нафас етишмовчилиги сабаб бўлганлиги қайд этилган. Шунингдек, РСТЭИАМ Тошкент вилояти филиалининг 22.01.2025 йилдаги хулосасида С.Н. ўлими дори воситасига (тиббий ҳужжатлар маълумотларига кўра, унга “натрий хлор” + “Эссенциале форте” аралашмаси вена томир ичига юборилган) аллергик реакция оқибатида ривожланган анафилактик шок, ўткир нафас ва юрак, қон-томир етишмовчилиги натижасида юз берган дейиш мумкинлиги, ушбу ҳолатда анафилактик шок “Эссенциал форте” дори воситасининг натрий хлор билан томир ичига юборилиши натижасида келиб чиққан бўлиши мумкинлиги, шифокорлар томонидан ҳомиладор аёлга “Эссенциале форте” дори воситаси юборилишидан аввал аллергик анамнез тўлиқ йиғилмаганлиги, агар шифокорлар томонидан аёлда тўлиқ анамнез йиғилган ва “Эссенциале форте” препарати қўлланмаганда унинг ҳаётини сақлаб қолиш мумкинлиги инкор қилинмаслиги кўрсатилган. Бундан ташқари, РСТЭИАМ Тошкент вилояти филиали Оққўрғон туман бўлимининг хулосасида С.Нарзиеванинг қиз жинсли 30 ҳафталик чақалоғи ўлими сабаби ҳомилани она қорнида антинатал вафот этганлиги кўрсатилган бўлиб, “Эссенциале форте” препарати натрий хлор билан қўлланилиши ортидан С.Н.да келиб чиққан анафилактик шок таъсирида вужудга келган ўткир юрак қон томир етишмовчилиги натижасида С.Н. хомиласи нобуд бўлганлиги аниқланган.
Суд ҳукмига кўра, У.М. - Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 116-моддаси 4-қисмининг “б” бандида назарда тутилган жиноятни содир этишда айбдор деб топилсин ва унга нисбатан мазкур модда билан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 45-моддаси билан 3 (уч) йил муддатга муайян ҳуқуқдан, яъни соғлиқни сақлаш тизимларида тиббий фаолият билан шуғулланиш ҳуқуқидан маҳрум қилиб, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 50-моддасига асосан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 57-моддасини қўллаб, 4 (тўрт) йил 6 (олти) ой муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланди.
Озодликни чеклаш жазоси маҳкумга нисбатан унинг яшаш манзили бўйича белгиланиб, маҳкумни уй-жойини у ёки бу сабаб билан тарк этиш бутунлай тақиқлансин (ишлаш ёки ўқиш вақтидан ташқари), агар маҳкум ишга ёки ўқишга жойлашса, иш ёки ўқиш жойигача бориши ва уй-жойига қайтиб келиши учун зарур бўлган вақтдан ташқари қолган вақтда уй-жойидан чиқиши чекланди.






