Ижтимоий тармоқларда футбол майдонида ҳаваскор ўйинчилар ўзаро жанжаллашгани ҳақида хабарлар тарқалди. Ҳолат юзасидан Тошкент шаҳар ИИБ маълумот берди.
Қайд этилишича, шу йилнинг 29 май куни тахминан соат 21.00 ларда Шайхонтоҳур тумани, “Жар“ ўйингоҳида “Ликесуп“ лойиҳаси доирасида санъаткорлар ва блогерлар ўртасида футбол бўйича ўртоқлик учрашуви бўлиб ўтган.
Маълумотларга кўра, ўйин якунланганидан сўнг, 2004 йилда туғилган О.Ў. ижтимоий тармоқларда обуначиларини кўпайтириш ва ушбу ўйинга оммани эътиборни янада кўпроқ жалб қилиш (пиар) мақсадида гўёки жамоалар ўртасида жанжал келиб чиққанлигини саҳналаштиришган.
Мазкур ҳолат юзасидан Шайхонтоҳур тумани ИИО ФМБ томонидан текширув ўтказилиб, турнир иштирокчилари билан профилактик суҳбат ўтказилган. “Ликесуп“ лойиҳаси доирасида юз берган юқоридаги ҳолат жамоатчилик ўртасида кескин эътирозлар келтириб чиққанлиги ва ҳуқуқбузарлик содир этилишига сабаб бўлганлиги учун лойиҳа вақтинча тўхтатилган.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан лойиҳа ташкилотчилари, ушбу жанжални саҳналаштирганлар ва унда иштирок этганларнинг барчасининг шахси аниқланиб, уларга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг тегишли моддалари билан маъмурий баённома расмийлаштирилиб, тўпланган ҳужжатлар қонуний чора кўришлик учун жиноят ишлари бўйича Шайхонтоҳур тумани судига юборилган.