Самарқанд вилоятида Истанбулга учаётган фуқаро қадимий тилла тангаларни яширинча олиб кетмоқчи бўлди. Бу ҳақда Божхона қўмитаси xабар берди.
Келтирилишича, Самарқанд халқаро аеропортида божхона ходимлари Истанбулга парвоз қилаётган йўловчилардан бири 2 дона қадимий тилла тангаларни яширинча олиб чиқиб кетаётган вақтида фош қилинди.
Тангалар 1923 йилда Туркия Жумҳуриятида зарб қилинган 100 куруш ва 65 куруш экани аниқланди. Уларнинг тахминий қиймати дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, 15 млн сўмни ташкил қилмоқда.
Маълумот учун, Ўзбекистондан яратилганига 50 йилдан ошган маданий бойликлар, шу жумладан нумизматика ашёларини олиб чиқиш мумкин эмас.