Машҳур америкалик миллиардер ва Tesla ҳамда SpaceX компаниялари асосчиси Илон Маск гиёҳванд моддаларни тахмин қилинганидан ҳам кўпроқ миқдорда истеъмол қилаётгани ҳақидаги маълумотлар оммага ошкор бўлди. Бу ҳақда The New York Times нашри Маскга яқин манбаларга таяниб хабар бермоқда, дея ёзмоқда "Замон.уз".
Ушбу маълумотларга кўра, 53 ёшли миллиардер кетаминни баъзида ҳар куни қабул қилади, уни бошқа дорилар билан аралаштириб, баъзан эса шахсий зиёфатларда экстази ва психотроп қўзиқоринлар билан бирга истеъмол қилган. У бу одатни Трампнинг президентлик кампанияси вақтида ҳам давом эттирган.
Маскнинг гиёҳвандликка мойиллиги у билан ишлаётган мутахассислар ва компанияларга хавотирли ҳолат сифатида тақдим этилмоқда. Хусусан, унинг руҳий ҳолати нотекис, тажовузкорлик ва тез-тез кайфият ўзгариши соғлиғи билан боғлиқ муаммоларнинг мавжудлигидан дарак беради.
Илон Маск аввалроқ кетаминни шифокорлар тавсияси билан руҳий тушкунликни даволаш мақсадида қабул қилаётганини таъкидлаган ва ноқонуний моддаларни мунтазам истеъмол қилаётгани ҳақидаги хабарларни рад этган.
Эслатиб ўтамиз, Bloomberg Billionaires Index маълумотларига кўра, Маск ҳозирда 387 миллиард доллар бойлиги билан дунёнинг энг бой одами ҳисобланади.