2025 йил 8 майдан бошлаб Германия ички ишлар вазири Александер Добриндтнинг фармони асосида мамлакат чегараларида муҳожирларнинг бошпана сўровлари бевосита рад этилиши мумкин бўлди. Шу кундан то бугунга қадар 3 278 нафар мигрант Германияга кириш ҳуқуқидан маҳрум этилди.
Ушбу фармон истисноларни ҳам назарда тутади. Жумладан, ҳомиладор аёллар ва вояга етмаган болалардан иборат “заиф гуруҳлар” вакиллари учун қоидалар қўлланилмайди. Шу асосда 46 кишининг бошпана сўровлари кўриб чиқилган.
Рақамлар шуни кўрсатадики, Германияга ноқонуний кираётганлар сони ҳам ортмоқда. Апрель ойида мамлакатга 5 079 киши ноқонуний кирган бўлса, май ойида бу кўрсаткич 10 фоизга ошиб, 5 571 нафарга етди.
Бу — 2025 йил бошидан буён қайд этилган энг юқори кўрсаткич. Йил бошидан бери жами 25 298 нафар шахс Германияга ноқонуний кирган.
Александер Добриндтнинг ваъдасига кўра, бу каби рад жавоблари сони босқичма-босқич ошиб боради. Чегараларда назорат кучайтирилди — Федерал полиция ходимлари сони 11 мингдан 14 мингтага етказилди, назорат пунктлари ҳам кўпайтирилди.
Бу ўзгаришлар Германияда миграция сиёсати кескин тус олаётганини англатади — айниқса, хавфсизлик ва тартиб масалалари фонида. Аммо бу қадам инсонийлик тамойилларига қандай таъсир қилиши эса очиқ қолмоқда.