Туркия Республикасининг Ўзбекистондаги мактабига бино қуриш учун ер ажратиб берилди. Бу ҳақдаги қарор Тошкент шаҳар ҳокими Шавкат Умурзоқов томонидан жорий йилнинг 5 июнь куни имзоланган.
Қарорда қайд этилишича, Туркия Республикаси элчихонаси қошида мактаб биноси қурилиши учун Тошкент шаҳри, Шайхонтоҳур тумани, Коҳота МФЙ ҳудудида жойлашган аҳоли пунктлари ерларидан майдони 0,31 гектарли ер участкаси (чегара режасига мувофиқ) Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигига доимий фойдаланишга ажратиб берилади.
Ҳужжатда урғуланишича, агар Ер кодексининг 36-моддасида кўрсатиб ўтилган ҳолатлар юзага келганда, ушбу қарор белгиланган тартибда бекор қилиниши ҳам мумкин.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 6 февраль куни Туркиянинг ўша вақтдаги Ўзбекистондаги элчиси Олган Бекар Тошкент шаҳар ҳокими Шавкат Умурзоқов билан учрашганди. Элчи қабул учун Умурзоқовга миннатдорлик билдириб, Ўзбекистондаги дипломатик миссияси якунига етаётганини маълум қилган ҳамда аввал муҳокама қилинган масалалар – Турк мактабини кенгайтириш, Туркиянинг биринчи президенти Мустафо Камол Отатурк номини Тошкент кўчаларидан бирига бериш ҳамда Тошкент шаҳрида Турк боғини ташкил этиш бўйича ўз мулоҳазаларини билдирган.
Маълумот учун, Ўзбекистонда турк мактаби 1993 йилда ташкил этилган. 1998 йилда эса академик лицей ўз фаолиятини бошлаган. Унда фақат Туркия фуқаролигига эга оилаларнинг фарзандлари Туркия миллий таълим вазирлиги томонидан белгилаб берилган дастур асосида ўқитилади.