Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан мурожаат асосида олиб борилган хизмат текшируви давомида “Когон ёғ экстракция заводи” акциядорлик жамиятининг собиқ раҳбарлари томонидан қонунбузарлик ҳолатлари содир этилгани аниқланди.
2021–2022 йилларда мазкур АЖ томонидан “Ўзсаноатқурилишбанк” АТБ Тўқимачилик бизнес маркази орқали айланма маблағларини тўлдириш мақсадида умумий 30,5 миллиард сўм кредит олинган. Ушбу кредит таъминоти сифатида жамият балансида бўлган, умумий майдони 150,134 кв/м бўлган бино-иншоотлар 50 миллиард сўм қийматида баҳоланиб, гаровга қўйилган.
Текширув натижаларига кўра, мансабдор шахслар олдиндан ўзаро келишган ҳолда кредит олиш жараёнида жамият кузатув кенгаши розилигисиз сохта ва ёлғон маълумотларни расмий ҳужжатларга киритиб, банкка тақдим этган.
Шунингдек, олинган кредит маблағлари самарасиз йўналтирилгани сабабли жамият ва банк тизимига жами 19,6 миллиард сўмга яқин моддий зарар етказилган.
Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддаларига асосан жиноят иши қўзғатилиб, ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан ишга алоқадор барча шахсларнинг жавобгарлиги масаласи ҳуқуқий тартибда кўриб чиқилмоқда.