Эрон Олий раҳнамоси Али Хоманаий АҚШни Исроилнинг Эронга қарши агрессиясига қўшилмаслик ҳақида огоҳлантирди. Унинг фикрича, бундай ҳаракат Вашингтон учун оғир оқибатларга олиб келади. Бу ҳақда “Zamon.uz” маълум қилди.
“Эронни, унинг халқини ва тарихини биладиган ақлли инсонлар ҳеч қачон бу мамлакат билан таҳдид тили орқали гапирмайди. Эрон халқи ҳеч қачон таслим бўлмайди. Америкаликлар билиши керак: АҚШ ҳар қандай ҳарбий аралашув эвазига, шубҳасиз, тузатиб бўлмас зарар кўради”, — деди Хоманаий халққа қилган мурожаатида.
Унинг сўзларига кўра, АҚШ президенти Доналд Трампнинг баёнотлари, жумладан Теҳроннинг зудлик билан таслим бўлиши кераклиги ҳақидаги чақириқлари, Эроннинг сиёсий иродасини сусайтира олмайди.
Эрон Олий раҳнамоси шунингдек, Теҳронга қилинган ҳар қандай зарба жавобсиз қолмаслигини таъкидлади.
“Агар бизнинг ҳудудимиз ҳужумга учраса, бу жавобсиз қолмайди”, — деди у.
Маълумотларга кўра, аввалроқ Исроил томонидан уюштирилган ҳужумларда ракета омборлари ва қуролли инфратузилма объектлари нишонга олинган. Эрон қуролли кучлари ҳозирда тўлиқ шай ҳолатга келтирилган.