Иқлимшунос олим Эркин Абдулаҳатовга Эрон ва Исроил ўртасидаги кескинликлар ортиши, Эроннинг ядровий объектлари, уран кон захираларига ракета зарбалари фонида ўша объектлардаги қандайдир радиоктив ҳалокатларнинг Ўзбекистонга ҳам таъсири борми, деган саволлар келиб тушган.
Унинг таъкидлашича, борди-ю радиоактив нурланиш фаоллашса, муайян об-ҳаво шароитларида ана ўша ҳудудлардаги радиоактив нур бизнинг Ўзбекистонга кириб келиши мумкин. Бу, Ўзбекистонга кириб келувчи ва ривожланувчи 15 синоптик жараённинг 2-3 тасида рўй беради.
Олимнинг қўшимча қилишича, бу жараёнлар ёзги термик депрессия ва паст босимли кичик градиентли атмосфераси соҳаси жараёнидир. Ушбу жараёнлар 11- ва 13-тур синоптик жараёнлари дейилади.
Бу икки жараён ёз ойларида бизнинг минтақада ҳукмрон жараёнлар экани инобатга олинса, ҳозирги шароитда Эрон ҳудудларидаги оқимларнинг бизнинг минтақага тўсиқларсиз бемалол кириб келишини тахмин қилиш мумкин. Бекорга халқ орасида ёз ойларидаги иссиқликлар "бизга Туркманистон орқали Эрон ҳудудларидан кириб келади" деган гап оммалашмаган, дейди иқлимшунос.