Тошкент ерусти метросида бошланган навбатдаги “профилактика ишлари” қатор муаммоларни очиб ташлади. Бош прокуратура қошидаги Транспорт прокуратураси олиб борган ўрганиш натижаларига кўра, ишлар нафақат жадвалдан орқада, балки лойиҳа талабларига тўлиқ жавоб бермайди. Энг ачинарлиси — рельслар аллақачон демонтаж қилинган, лекин нима эвазига?
Жорий йилнинг 8 июндан бошлаб “Қипчоқ” ва “Турон” бекатлари оралиғида поездлар ҳаракати тўхтатилди. Орадан икки ҳафта ўтар-ўтмас, “Қурувчилар”дан “Янгиобод”гача бўлган йўл ҳам ёпилмоқда. Натижада, 14 та бекатдан 9 таси вақтинча иш фаолиятини тўхтатмоқда. Бу — Тошкентда жамоат транспортига таяниб кун кечираётган минглаб йўловчилар учун яна бир синов.
Расман айтилишича, профилактика ишлари режа асосида ва 3 ой давом этади. Аммо Бош прокуратура матбуот хизматининг 24 июнь куни тарқатган хабари бу баёнотга саволлар туғдиради. Хабарда таъкидланишича, Транспорт прокурори Икром Наримов бошчилигидаги ишчи гуруҳ ўрганиш ўтказган ва “қатор камчиликлар”ни аниқлаган. Нима учун бу камчиликлар ишлар бошланганидан кейингина аниқланяпти?
“Ўзбекистон темир йўллари” АЖ буюртмачи, “Кўприкқурилиш” эса пудратчи сифатида кўрсатилган. Аммо жараёндаги хатоликлар учун ким жавоб беради? Рельссиз қолган шаҳарнинг, вақтини автобусларда сарфлаётган оддий йўловчининг ҳаққи қаерда?
Прокуратура берган топшириқларга кўра, мавжуд хатолар зудлик билан бартараф этилиши ва ишлар лойиҳа талабларига “тўлиқ мувофиқ” равишда қайта кўриб чиқилиши шарт. Бироқ, бу ваъдалар оддий фуқарога неча кундан кейин енгиллик олиб келади – номаълум.
Профилактика баҳонасида рельслар олиб ташланган, бекатлар ёпилган, аммо аниқланаётган “камчиликлар” ва ишлар сифати — булар метро тизимидаги ёндашувда тизимли муаммо борлигидан дарак эмасми?
Шаҳар транспортидаги ишончли альтернатив — ерусти метрода ишончнинг ўрнини саволлар эгаллади. “Шаффофлик”, “хавфсизлик” ва “сифат” деган сўзлар эса ҳозирча матбуот баёнотларида қолмоқда.