Россия ҳарбийлари томонидан амалга оширилган навбатдаги кенг кўламли ҳаво ҳужумларини қайтариш вақтида Украина ҳарбий-ҳаво кучларига қарашли F-16 қирувчи самолёти қулаб тушди. Оқибатда учувчи ҳалок бўлди. Бу ҳақда кеча, 29 июнь, якшанба куни Украина расмийлари хабар берди.
Россия кечаси юзлаб дронлар, қанотли ва баллистик ракеталарни ишга солиб, Украина ҳудудларига зарба берди. Маҳаллий расмийларнинг маълумотига кўра, ҳужумлар оқибатида уй-жойлар ва муҳим инфратузилмаларга зарар етган, камида 12 киши тан жароҳати олган.
Украина Президенти Владимир Зеленский Вашингтонга ва Ғарбдаги иттифоқчиларига мурожаат қилиб, ҳаво мудофаа тизимини мустаҳкамлашда янада фаолроқ ёрдам беришни сўради.
“Бизга ҳар бир F-16, ҳар бир Patriot керак. Россиянинг ҳаводан босими кучаймоқда”, — дейди Зеленский ўз мурожаатида.
Эслатиб ўтамиз, Россия-Украина уруши 2022 йилнинг февралида бошланган бўлиб, бу давр мобайнида Москва айниқса тун ва эрталабки пайтларда ҳаво ҳужумларини кучайтирган.