Мактабгача ва мактаб таълими вазири Ҳилола Ўктамовна Умарова эгаллаб турган лавозимидан озод этилди ва Президент Администрацияси раҳбарининг таълимни ислоҳ қилиш бўйича ўринбосари лавозимига тайинланди. Бу ҳақда Президент матбуот котиби Шерзод Асадов маълум қилди.
Қайд этилишича, Умарованинг ушбу лавозимга тайинланиши Президент Шавкат Мирзиёевнинг тегишли фармони билан амалга оширилган.
Маълумот учун, Ҳилола Умарова 1988 йилда Германиянинг Ваймер шаҳрида туғилган. Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетини тамомлаган. Мутахассислиги – ташқи иқтисодий фаолият.
У Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Ахборот-коммуникация технологияларига ихтисослаштирилган мактаб директори, ИНҲА университети бош менежери, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактабларни ривожлантириш агентлиги директори лавозимларида ишлаган. Умарова 2022 йилнинг сўнгида Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармони билан Мактабгача ва мактаб таълими вазири лавозимига тайинланган.
Эслатиб ўтамиз, ўтган ойда Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармони билан Президент Администрацияси тузилмасига ўзгартиришлар киритилиб, Президент Администрацияси раҳбари лавозими ташкил қилинганди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармони билан Саида Шавкатовна Мирзиёева Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари лавозимига тайинланди.