Тошкент вилоятининг Олмалиқ шаҳрида жойлашган нодавлат оилавий боғчада рўй берган шафқатсизлик ҳолати жамоатчиликни жунбишга келтирди. Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеоларда 2 ёшли қизча — вояга етмаган О.М. (2023 йилда туғилган) тарбиячи томонидан калтаклангани акс этган.
Болалар омбудсмани ҳолатни назоратга олиб, расмий суриштирув бошланганини билдирди.
Аниқланган маълумотларга кўра, 2025 йил 16 июль куни мазкур қизалоқ боғча тарбиячиси Қ.Г. томонидан урилган. Бола чап юз қисмидан жароҳат олган.
Олмалиқ шаҳар ИИБ ҳозирда терговга қадар суриштирув ишларини олиб бормоқда. Шунингдек, болага етказилган тан жароҳати юзасидан суд-тиббий экспертиза тайинланган.
Омбудсман ушбу иш бўйича ўз кузатувини давом эттириб, бола манфаатига зид ҳаракатлар юзасидан қонуний чоралар кўрилишини ва бу борада қўшимча ахборот берилишини маълум қилди.
Жамоатчилик эса болалар хавфсизлиги масаласида қатъий назоратни ва масъуллар жавобгарлигини таъминлашни талаб қилмоқда.