Тошкент шаҳрининг Миробод туманида, аниқроғи, Янги Миробод маҳалласида жойлашган собиқ ҳарбий госпиталь ҳудудида яшил майдонлар йўқолгани бўйича Экопартиядан сайланган депутат Наврўз Юсупов бош прокурор ҳамда Экология вазирига депутатлик сўрови юборди.
Депутат сўровига сабаб — ижтимоий тармоқларда тарқалган сунъий йўлдош суратлари бўлди. Унга кўра, 2024 йил апрель ойида яшил майдон бўлган жойда августга келиб қурилиш ишлари бошланган.
Юсупов Экология вазирлиги, ер қонунчилиги, бош режа ва экологик экспертизага оид бешта саволни расмийларга йўллаган. У ер ажратиш жараёнида қонун бузилиши, дарахтларнинг йўқолиш сабаблари ва қурилишнинг Тошкентнинг 2045 йилгача мўлжалланган бош режасига мос келиш-келмаслигини аниқлаштиришни сўраган.
Шу пайтгача Экология вазири Азиз Абдуҳакимов бу майдондаги дарахтлар ҳисобга олингани ва бир туп дарахт кесилса ҳам жавобгарлик бўлишини билдирган эди.
Бироқ Экопартия расмий баёнотида, ҳатто мораторий мавжуд бўлишига қарамай, дарахтлар кесилаётгани таъкидланган. Энди масалага расмийлар қандай жавоб беради — эътиборлар депутат сўровига қаратилган.