Америка президенти Дональд Трамп анъанавий дипломатия қоидаларини четга суриб, дунё сардорлари билан ноодатий услубда мулоқот қилишни афзал кўрмоқда. Бу ҳақда Politico нашри ўз манбаларига таяниб хабар берди.
Хабарга кўра, Трамп Франция президенти Эммануэль Макрон, Саудия Арабистони валиаҳди Муҳаммад бин Салмон, Буюк Британия бош вазири Кир Стармер ва Исроил бош вазири Бинямин Нетаняху каби етакчилар билан ўз шахсий телефони орқали тўғридан-тўғри гаплашади. У айрим етакчиларга “қўнғироқ қилиб тур”, деб шахсан ўзи рақамини беради ёки уларга ўзи қўнғироқ қилади.
Манбаларга кўра, айниқса, Макрон билан Трамп ўртасида “жуда илиқ ва ғайриоддий” муносабат шаклланган. “Бу ғалати ва кулгили эди – Трамп: Эммануэль-л-л!ъ дейди, Макрон эса: Дональд-д-д! деб жавоб қайтаради. Улар шу тариқа бир-бирига мурожаат қилишарди”, дейди Politico манбаси.
Нашр ёзишича, дунё етакчилари Трампнинг “эркин” ва расмиятдан йироқ мулоқот услубига мослашишга мажбур бўлишган. Европа расмийларидан бирининг сўзларига кўра, айнан шундай ёндашув Трампнинг НАТОга бўлган муносабатини ўзгартиришга ҳам ёрдам берган.
Жорий йил июнида Нидерландияда бўлиб ўтган НАТО саммитида Трамп альянс ҳақида “у алдаб қўймайди, балки ҳақиқий мудофаа кафолати” эканини таъкидлаган ва буни “катта етакчилар” билан учрашувлардан кейин тушунганини айтган.
Бунинг ортида қандай сиёсий мақсадлар ётганини вақт кўрсатади. Аммо бир нарса аниқ: дунёдаги етакчилар энди нафақат сиёсатда, балки телефонда ҳам “Доналд-д-д” дейишга мажбур бўлмоқда.