Ижтимоий тармоқларда бир нечта фуқаролар ўзаро жанжаллашганлиги акс этган видео тарқалди. Мазкур ҳолат юзасидан Тошкент шаҳар ИИББ расмий маълумот берди.
Унга кўра, Миробод туманидаги Тарас Шевченко кўчасида ўтказилаётган турли таомлар ва жонли ижродаги мусиқа ҳамоҳанглигидаги “Mangal Fest” фестивалида айрим фуқаролар жамоат тартибини бузиб ўзаро жанжаллашганлиги ҳолати кузатилган ва шу ерда хизмат олиб бораётган Ички ишлар органлари ва Миллий гвардия ходимлари томонидан ушбу жанжал тўхтатиб қолинган.
Ҳозирда ушбу фуқароларнинг барчасининг шахси аниқланиб, профилактик суҳбат ўтказиш мақсадида яқин орадаги ИИБга олиб борилди.
Видеода акс этган ҳолат юзасидан Миробод тумани ИИО ФМБ томонидан терговга қадар текширув ўтказилмоқда. Текширув якуни бўйича жамоат тартибини бузишда иштирок этган фуқароларнинг ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо берилиши таъминланади, дейилади хабарда.