Бухорода бюджет маблағлари эвазига “откат” олишга уринган бош ҳисобчи ва унинг ўринбосари ушланган. Бу ҳақда ДХХ нинг ахборот хизмати Darakchi.uz га хабар берди.
Маълум қилинишича, Олот тумани тиббиёт бирлашмаси бош ҳисобчиси Ромитан туманида кийимдан ташқари нотўқима маҳсулотлар ишлаб чиқариш билан шуғулланувчи МЧЖдан бирлашма эҳтиёжлари учун 400 дона ётоқ чойшабларини сотиб олиш бўйича шартнома тузган. Бош ҳисобчи ўринбосари билан ўзаро тил бириктириб, мазкур шартномада товар нархини ошириб кўрсатиб, яъни ҳар бир чойшабни 90 минг сўмдан эмас, балки 190 минг сўмдан ҳисоблаб, умумий ҳаражатлар суммасини 76 млн сўм қилиб кўрсатади.
Ортиқча ҳисобланган 40 млн сўм “откат”ни МЧЖ иш юритувчисидан талаб қилади.
ДХХнинг Бухоро вилояти бўйича бошқармаси ва ИЖҚК Департаменти ўтказган тезкор тадбирда улар олдиндан 32 млн сўмни олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.
Амалдор ва ёрдамчисига нисбатан ЖКнинг 25,167-моддаси 2-қисми “в,г” бандлари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.