АсосийЖиноят

“Афросиёб” поездига қаратилган диверсия иши бўйича икки темирйўлчи узоқ муддатга қамалди

Бухоро вилоятида икки темирйўл ходими “Афросиёб” тез юрувчи поезд йўлига бетон шпалл қўйиб, авария чақиришга урингани учун мос равишда 13 ва 12 йилга озодликдан маҳрум этилди.

'“Афросиёб” поездига қаратилган диверсия иши бўйича икки темирйўлчи узоқ муддатга қамалди'ning rasmi

“Темирйўлинфратузилма” АЖ Бухоро минтақавий темирйўл узелида ишлаган 1988 ва 1992 йилда туғилган икки ҳамкасб, раҳбарият қароридан норози бўлиб, жиноий режа тузган. Улар 2024 йил 14 январь куни кечқурун Пахтачи туманидаги “Зиёвуддин–Навоий” темирйўл участкасида 110 килограммли темир-бетон шпаллни рельс устига қўйиб, воқеа жойидан яширинган.

Орадан 15–20 дақиқа ўтгач, 159 км/соат тезликда ҳаракатланаётган, бортида 148 йўловчи бўлган “Афросиёб” поезди тўсиқ билан тўқнашган. Натижада поезднинг ҳаракатлантирувчи қисмлари жиддий шикастланган, етказилган зарар миқдори 260 миллион сўм деб баҳоланган.

Давлат хавфсизлик хизмати ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ҳамкорлигида олиб борилган тезкор тадбирлар натижасида айбланувчилар қўлга олинган ва Жиноят кодексининг 161-моддаси (“Қўпорувчилик”) бўйича судга тортилган. Навбаҳор туман суди уларни айбдор деб топиб, бири 13 йилга, иккинчиси 12 йилга озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинлади.

    Бошқа янгиликлар