Янгиҳаёт туманида фуқаролар ва дўкон эгаси ўртасида юзага келган маҳаллий келишмовчилик "оммавий жанжал" сифатида талқин қилиниб, асоссиз муҳокамаларга сабаб бўлди. Ҳолат юзасидан 4 нафар шахсга нисбатан баённома расмийлаштирилди.
Кеча, 14 август куни соат 22:35 атрофида Янгиҳаёт тумани Янги Чоштепа маҳалласида 2001 йилда туғилган Р.Б. ва 2006 йилда туғилган А.Ф., Т.А., М.А. спиртли ичимликни дўкондан харид қилиб, тўлов қилмасдан кетмоқчи бўлган. Дўкон эгаси уларни тўхтатган ва шу орада баҳсга сабаб бўлган можаро юзага келган.
ИИББ хабарига кўра, мазкур шахслар жамоат жойида бақир-чақир қилиб, фуқаролар тинчлигини бузган. Воқеа жойига етиб келган ички ишлар органлари ходимлари улар билан профилактик суҳбат ўтказиб, уларни ИИБга олиб борган.
Ҳеч ким тан жароҳати олмаган. Р.Б., А.Ф., Т.А. ва М.А.га нисбатан МЖтКнинг 183-моддаси (майда безорилик) ва 194-моддаси (ИИО ходимининг қонуний талабларини бажармаслик) бўйича баённомалар расмийлаштирилиб, судга юборилган.