Эрон расмийлари 20 август куни Исроил билан эҳтимолий уруш юзага келса, кучлироқ ракеталар билан ҳужум қилишини айтиб таҳдид қилди. Бу ҳақда Al Arabiya хабар берди.
Эрон мудофаа вазири Азиз Насирзода мамлакатда анча кучлироқ ва замонавий техникалар борлигини айтган Унинг сўзларига кўра, 12 кунлик урушда қўлланилган ракеталар бир неча йил аввал ишлаб чиқарилган эди. Бугунги кунда эса улар билан солиштирганда анча кучлироқ имкониятларга эга замонавий ракеталар мавжуд.
25 июндан бери икки давлат ўртасида ўт очишни тўхтатиш келишуви амалда. Бироқ Эрон расмийлари ҳар қандай вақтда тўқнашув қайта бошланиши мумкинлигини таъкидламоқда.
Эрон биринчи витсе-президенти Муҳаммад Резо Ареф 18 август куни бу борада баёнот берди:
“Эрон har лаҳзада қаршилик кўрсатишга тайёр туриши керак. Бу аслида сулҳ эмас — биз фақат ҳаракатларни вақтинча тўхтатганмиз”.
Шунингдек, Эрон армияси 21 август, пайшанба кунидан икки кунлик ҳарбий машғулотларни бошлаши режалаштирилган. Машғулотлар давомида қисқа ва ўрта масофали қанотли ракеталар синовдан ўтказилади. Айни пайтда, ғарб давлатлари, хусусан Франция, Эроннинг ракета дастурини минтақавий хавфсизликка таҳдид деб баҳолаб, Теҳрондан нафақат ядровий, балки ҳарбий дастурлар устидан ҳам музокара ўтказишни талаб қилмоқда. Эрон эса ўзининг мудофаа салоҳияти муҳокама мавзуси эмаслигини таъкидламоқда.