Пауло Бенту Ўзбекистон миллий футбол жамоасига бош мураббий сифатида тайинланиши мумкин. Бу ҳақда “Фоотбалл-Асеан” нашри хабар берди.
Ўзбекистон футбол ассоциацияси илк бор Жаҳон чемпионатида иштирок этиш арафасида жамоани йирик мусобақалар тажрибасига эга мураббийга топширишни мақсад қилган. Аввалроқ Ёахим Лёв ва Фотиҳ Терим билан музокаралар бўлиб ўтган, бироқ аниқ келишувга эришилмаган.
Эндиликда асосий эътибор 56 ёшли Пауло Бентуга қаратилган. У аввал Португалия, Жанубий Корея ва БАА терма жамоаларини бошқарган. 2012-йилги Европа чемпионатида Португалияни ярим финалга олиб чиққан, 2022-йилги Жаҳон чемпионатида эса Жанубий Кореяни 1/8 финалга олиб чиқиб, Осиёда эътибор қозонган.
Ўзбекистон 2026 йилда илк бор Жаҳон чемпионатида иштирок этади. ЎФА эса жамоани жаҳоншумул миқёсда рақобатлаша оладиган мураббийга топширишни истамоқда. Манбаларга кўра, Бенту билан музокаралар давом этмоқда ва у асосий номзодлардан бири ҳисобланмоқда.