АсосийСиёсат

Ўзбекистон-Хитой муносабатлари: миллиардлик лойиҳалар, визасиз тартиб ва янги университетлар

Пекинда Мирзиёев ва Си Цзиньпин учрашувида савдо, таълим ва маданий алмашинувни қамраб олган йирик келишувлар имзоланди.

'Ўзбекистон-Хитой муносабатлари: миллиардлик лойиҳалар, визасиз тартиб ва янги университетлар'ning rasmi

2 сентябрь куни Пекин шаҳрида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва Хитой раиси Си Цзиньпин расмий делегациялар иштирокида музокаралар ўтказди. Томонлар барча шароитларда стратегик шерикликни мустаҳкамлаш ва амалий ҳамкорликни кенгайтириш масалаларини муҳокама қилдилар.

Учрашувда савдо-иқтисодий алоқалар, инвестиция лойиҳалари, саноат ва қишлоқ хўжалигида ҳамкорлик, “Хитой–Қирғизистон–Ўзбекистон” темир йўли қурилиши каби йирик дастурлар алоҳида қайд этилди. 2023 йилда икки томонлама савдо ҳажми 14 миллиард доллардан ошгани, бу йил эса яна 23 фоизга ўсгани маълум қилинди. Яқин йилларда бу кўрсаткични 20 миллиардга етказиш режалаштирилган.

Таълим ва илм-фан соҳасида ҳам қатор келишувлар имзоланди. Хитойнинг бир неча университетлари Ўзбекистонда филиал очади, сунъий интеллектни ривожлантириш маркази ҳамда “Лу Бань устахоналари” ташкил этилади. Шунингдек, маданий алмашинувларни кучайтириш мақсадида визасиз режим жорий этилди, авиақатновлар сони кўпаймоқда.

Мирзиёев музокаралар якунида Си Цзиньпинни Ўзбекистонга ташриф буюришга таклиф этди. Суҳбат ҳар доимгидек ишонч, очиқлик ва дўстлик руҳида ўтди.

    Бошқа янгиликлар