Жорий йил 1 сентябрь ҳолатига кўра, Ўзбекистон олтин-валюта захиралари қиймати биринчи марта 50,1 млрд долларга етди. Бу ҳақда Марказий банк хабар берди.
Маълум қилинишича, жорий ой бошида мамлакат захирасида 11,8 млн унция (334,5 тонна) олтин борлиги қайд этилган. Унинг қиймати 40 млрд доллардан ортиқни ташкил этган. Таққослаш учун, август ойи бошида бу рақам 38,7 млрд доллар эди (331,6 тонна). Бир ой давомида республика олтин захираси қолдиғи қарийб 1,4 миллиард долларга ошган.
Сентябрь аввалида хорижий валютадаги захира активлари 9,44 млрд долларни ташкил этган. Бу рақам бир ой олдингидан 49,3 млн долларга кам.
2024 йил 1 сентябрда (1 йил илгари) республика захирасида 12 млн унция (340,1 тонна) олтин бўлган (12 ойда 5,6 тонна камайган). Қимматбаҳо металл қиймати эса 30,4 млрд долларни ташкил этган. Яъни мамлакатда олтин миқдори эмас, қиймати сезиларли ўсиш трендида.
Республика жорий йил январь-июль ойларида қарийб 7,7 млрд долларлик олтин экспорт қилган. Мазкур кўрсаткич ўтган йил мос давридагига қараганда 83,7 фоизга кўп. Олтин сотуви мамлакат етти ойлик жами экспортининг 37,7 фоизини ташкил этган.