Тошкентдан Хатирчига қатнайдиган автобуслар йўналишида 2022 йилдан 2025 йил мартгача бўлган даврда фуқаролардан 710 миллион сўмга яқин ортиқча чипта пули ундирилгани аниқланди.
Бу ҳақда Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси маълум қилди.
Текширувлар давомида чипта сотиш жараёнида қонуний бўлмаган ҳолатлар, жумладан, кўрсатилмаган хизматлар учун ҳақ олиш ва мажбурий қўшимча хизматларга қисташ ҳолатлари қайд этилган. Умумий ҳисобда 74 419 нафар йўловчига мансуб чипталар орқали ушбу ҳолат юз берган.
“Ҳунарманд” МЧЖ”га истеъмолчилардан ортиқча ундирилган маблағларни қайтариш бўйича қўмита томонидан кўрсатма берилган.
Маълумот учун, 2024–2025 йилларда транспорт соҳаси бўйича Қўмитага 1 050 га яқин мурожаат келиб тушган. Бу орқали қарийб 1,4 млрд сўм истеъмолчилар фойдасига қайта ҳисобланган.