Ўзбекистонда пенсияга чиқиш ёшини ошириш режалаштирилмоқда. Бу ҳақда 10 сентябрь куни Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Пенсия жамғармаси ижрочи директори Муродбек Отажонов хабар берди.
Маълум қилинишича, эркаклар учун пенсия ёшини 60 ёшдан 63 ёшга, аёллар учун эса 55 ёшдан 58 ёшгача ошириш таклиф қилинмоқда. Бунда пенсия ёшини ошириш босқичма-босқич амалга оширилади — ҳар йили ярим йилдан қўшиб борилади.
Муродбек Отажоновнинг сўзларига кўра, дунёнинг кўплаб мамлакатларида пенсия ёши 65 ёшдан юқори. Ўзбекистонда пенсия ёши “Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида”ги қонун қабул қилинганидан бери 32 йил давомида оширилмаган.
Қайд этилишича, Ўзбекистонда ўртача умр кўриш давомийлиги ошиб бормоқда. Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, бугунги кунда у 75 ёшга этди. Агар бундан 20 йил аввал нафақахўрлар пенсияга чиққандан кейин ўртача 8-9 йил яшаган бўлса, ҳозир бу кўрсаткич эркакларда 12,5, аёлларда 20 ёшга етди.
Пенсия ёшини ошириш тўғрисидаги қарор ҳали қабул қилинмаган. Пенсия жамғармаси пенсия тизимини ислоҳ қилиш бўйича бир ой муддат давом этадиган жамоатчилик таклифларини йиғиш учун махсус платформани ишга туширмоқчи. Олинган таклифлар ўрганилгач, журналистлар ва блогерлар иштирокида иккинчи муҳокама ўтказиш, ўзгартиришлар киритиш ва пенсия ислоҳоти лойиҳасини расман тақдим этиш режалаштирилган.
Пенсия ислоҳоти ҳақида
Ҳукуматнинг 2024 йил 23 сентябрдаги қарори билан пенсия тизимини ислоҳ қилиш концепцияси лойиҳасини ишлаб чиқиш бўйича ишчи гуруҳ таркиби тасдиқлаганди. Унга бош вазир ўринбосари, Иқтисодиёт ва молия вазири Жамшид Қўчқоров бошчилик қилади. Келишув асосида Халқаро валюта жамғармаси, Осиё тараққиёт банки ва Халқаро меҳнат ташкилоти мутахассислари жалб қилинади.
Бу гуруҳ амалдаги давлат пенсия таъминотида мавжуд муаммоларни таҳлил қилиш ҳамда хорижий тажриба асосида тизим барқарорлигини таъминлаш ва ижтимоий адолатни мустаҳкамлашга қаратилган таклифларни тайёрлаши кераклиги, 2025 йилнинг 1 мартигача пенсия тизимини ислоҳ қилиш концепцияси лойиҳаси ишлаб чиқилиб, Президент администрациясига киритилиши кераклиги белгиланганди.
Маълумот учун, айни пайтда Ўзбекистонда ёшга доир пенсия олиш учун эркаклар 60 ёшда, аёллар эса 55 ёшда бўлиши керак. Бундан ташқари, эркаклар учун камида 25 йил, аёллар учун эса камида 20 йил иш стажи талаб қилинади.