Ўзбекистон ва Россия фуқароларига ички паспортдан фойдаланган ҳолда мамлакатга киришга рухсат берилиши кутилмоқда.
“Бу масала бўйича музокаралар давом этмоқда ва зарурий ички давлат тартиб-таомиллари ўтказилмоқда. Ҳозирда томонлар айрим жиҳатлар бўйича келишув ишлари олиб бормоқда. Шу боис буни амалга оширишнинг аниқ муддатлари ҳақида гапиришга ҳали эрта”, дея маълум қилган Россия Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати “Известия” нашрига.
2025 йил май ойида Ўзбекистон Россия, Қозоғистон ва Озарбайжон фуқароларининг 30 кунгача бўлган муддатга ички ҳужжат ёки ИД-карта орқали, болаларнинг эса “киндер паспорт” орқали мамлакатга киришига рухсат бериш имкониятини кўриб чиқаётгани хабар қилинганди. Бундай топшириқ Шавкат Мирзиёевнинг 2025 йил 15 майда имзолаган мамлакатга сайёҳлар оқимини кескин ошириш тўғрисидаги фармонида белгиланган.
Айни пайтда Ўзбекистон ва Россия ўртасида визасиз режим ўрнатилган. Россия фуқароларига Ўзбекистонга кириши учун ҳозир чет эл паспорти керак бўлади. Республикага 15 кундан ортиқ муддатга келган россияликлар мамлакатда бўлишнинг 15-кунидан кечиктирмай меҳмонхонада ёки паспорт идорасида яшаш жойида вақтинча рўйхатдан ўтиши лозим.
Ўзбекистон фуқароларининг Россияга кириши ҳам “қизил” паспорт орқали амалга оширилмоқда. Россияга вақтинча келаётган Ўзбекистон фуқаролари давлат чегарасини кесиб ўтган кундан бошлаб 7 иш куни мобайнида Россия ИИВ миграция масалалари бўйича Бош бошқармаси ҳудудий бўлимларида рўйхатдан ўтишлари шарт. 2025 йил 30 июндан бошлаб визасиз тартибда Россияга келаётган чет эл фуқаролари “Госуслуги RuID” мобил иловаси орқали олдиндан рўйхатдан ўтиши ва QR код олиши кераклиги белгиланди.