Ўзбекистонда йўл ҳаракати қоидаларини бузганлик учун жарима балларини ҳисоблаш тизими ишга туширилгач, 3 ой ичида 63 мингдан ортиқ ҳайдовчи жарима балларини олди. Бу ҳақда Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, ҳайдовчиларга берилган жарима баллари таҳлилига кўра, уч ойда 5 баллгача — 4 нафар, 4 баллгача — 14 нафар, 3 баллгача — 129 нафар, 2 баллгача — 4976 нафар, 1 баллгача — 63 974 нафар ҳайдовчи олган.
Шу билан бирга 9 миллион 325 мингдан ортиқ ҳайдовчи умуман жарима балли олмаган.
Шунингдек, ўтган уч ой ичида қоидабузарликлар ва йўл-транспорт ҳодисалари сезиларли даражада камайиб, 2024 йил июнь—август ойларида 285 мингдан ортиқ қоидабузарлик аниқланган бўлса, 2025 йилнинг шу даврида бу кўрсаткич 167 мингни ташкил этган. Яъни қоидабузарликлар сони 58 фоизга камайган.
2024 йил июнь—август ойларида ҳайдовчилар айби билан 531 та ЙТҲ содир этилган бўлса, жорий йилнинг шу даврида бу кўрсаткич 338 тага, яъни 36 фоизга тушди.
“Олиб борилган чоралар натижасида ҳам қоидабузарликлар, ҳам ЙТҲлар сезиларли даражада камаймоқда”, — дейилади ЙҲХХ хабарида.
Йўл ҳаракати қоидаларини бузганлик учун жарима балларини ҳисоблаш тизими 2025 йил 1 июндан йўлга қўйилганди. Жарима баллари “Э-жаримабалл” модули орқали инсон омилисиз автоматлаштирилган тартибда ҳисоблаб борилади.
Қуйида айрим қоидабузарликлар ва уларга белгиланган жарима баллари миқдори келтирилган.
Тезликни оширганлик учун қуйидагича балл ҳисобланди:
20 км/соатгача — 0,5 балл;
20 дан 40 км/соатгача — 1 балл;
40 дан 60 км/соатгача — 1,5 балл;
60 км/соатдан юқори — 2 балл.
Маълумот учун, жарима баллари 12 баллдан ошган ҳайдовчилар транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилинади.