Албания сунъий интеллект асосида ишлайдиган вазир тайинлаган дунёдаги биринчи давлат бўлди.У пиксел ва кодлардан тузилган, сунъий интеллект орқали ишлайдиган виртуал вазир. Бу ҳақда “Politico” хабар берди.
Вазирнинг исми “Диелла” бўлиб, бу албан тилида “қуёш нури” деган маънони англатади. Албания бош вазири Эди Раманинг кеча, 11 сентябрь куни маълум қилишича, у барча давлат харидлари учун масъул бўлади.
Кеча, 11 сентябрь куни Тиранада бўлиб ўтган Социалистик партия йиғилишида Рама қайси вазирлар ишини давом эттириши ва қайсилар лавозимдан олинишини эълон қилди. Шу билан бирга, у ҳукуматнинг ягона инсон эмас аъзоси – “Диелла”ни ҳам таништирди.
“Диелла” – бу жисмонан йўқ, лекин сунъий интеллект орқали виртуал яратилган биринчи ҳукумат аъзоси”,— дейди у.
Раманинг айтишича, тендерлар бўйича қарорлар “вазирликлардан ташқари” чиқарилади ва улар “Диелла”нинг қўлига ўтади. У “давлат харидлари хизматчиси” бўлиб ишлайди. Бош вазирнинг айтишича, жараён “қадамма-қадам” амалга оширилади, аммо Албания тендер жараёнидан ўтадиган ҳар бир давлат маблағи “100 фоиз шаффоф” ва “100 фоиз манфаатлардан холи” бўладиган мамлакатга айланади.
“Бу фантастика эмас, балки “Диелла”нинг вазифаси”, — дейди у.
“Диелла” аллақачон албан фуқароларига таниш, чунки у мамлакатнинг “э-Албаниа” платформасини ишлатади – бу платформа орқали аҳоли деярли барча давлат хизматларидан рақамли тарзда фойдаланиши мумкин. Унинг аватари ҳам бор: у миллий албан либосидаги ёш аёл кўринишида намоён бўлади.
“Диелла” тендерларни баҳолайди ва “бутун дунёдан истеъдодларни жалб қилиш” ҳуқуқига эга бўлади, шу билан бирга “маъмуриятнинг мутаассиблик ва қаттиққўлликдан келиб чиқадиган қўрқувини йўқотади”.
Албания узоқ йиллардан бери коррупцияга, айниқса, давлат маъмурияти ва давлат харидлари соҳасидаги муаммоларга қарши курашиб келмоқда. Бу масала Европа Иттифоқи томонидан ҳар йили тайёрланадиган “ҳуқуқ устуворлиги” ҳисоботларида кўп марта таъкидланган.
Эди Рама 2025 йил май ойида тарихий тарзда тўртинчи марта сайловда ғалаба қозонди. Унинг асосий ваъдаси – 2030 йилгача Европа Иттифоқига аъзо бўлиш.