Ижтимоий тармоқларда Урганч шаҳрида ЙПХ инспектори томонидан Cобалтънинг олди ойнаси синдирилгани ва шундан кейин автомашина ҳаракатни давом эттириб кетгани акс этган видео тарқалганди. Ҳолат юзасидан Хоразм вилояти ИИБ расмий маълумот берди.
Унга кўра, 9 сентябрь куни вилоятни Қорақалпоғистон билан боғловчи “Чолиш” тўсиқ-постида хизмат олиб бораётган ЙПХ инспектори шу тўсиқ-пост орқали Хоразм вилоятига кириб келаётган Cобалт ҳайдовчисига тўхташ ишорасини берган.
Лекин мазкур автомашина ҳайдовчиси ЙПХ инспекторининг қонуний талабини бажармасдан, Урганч шаҳри томон ҳаракатланишни давом эттирган. Шундан кейин, ЙПХ инспектори томонидан алоқа воситаси орқали берилган хабарга асосан, Урганч туманида хизмат олиб бораётган бошқа бир ЙПХ инспектори ушбу автомашинани тўхтатиш мақсадида уни Урганч шаҳри ҳудудидаги чорраҳага қадар кузатиб борган.
Чорраҳада инспектор ҳайдовчидан автомашинани йўл чеккасида тўхтатиш ва тегишли ҳужжатларини тақдим этишни сўраган.
Аммо ҳайдовчи ушбу ЙПХ инспекторининг ҳам қонуний талабини бажармасдан автомашина эшикларини ичкаридан қулфлаб, ЙПХ инспектори автомашина олдида турган бўлишига қарамасдан, ҳаракатни давом эттира бошлаган.
Шунда ЙПХ инспектори ушбу автомашинанинг ҳаракатни давом эттиришига чек қўйиш мақсадида олд ойнасини алоқа воситаси ёрдамида уриб синдирган.
Шундай бўлса-да ҳодиса жойидан қочиб кетишга уринган мазкур автомашина Урганч шаҳри ҳудудида кейинги чорраҳада тўсиб ушланган.
Суриштирув жараёнида Қорақалпоғистоннинг Беруний туманида яшовчи, ҳайдовчилик ҳуқуқига эга бўлмаган, 2003 йилда туғилган, Й.Ш. отасининг номида бўлган мазкур автомашинани, ҳеч қандай ҳужжатсиз бошқарган. Бундан ташқари ушбу автомашина иштирокида илгари йўл ҳаракати қоидалари бузилган учта ҳолат бўйича тайинланган жарималар икки ойдан ортиқ муддат давомида тўланмагани маълум бўлди.
Мазкур ҳолат юзасидан, тегишли тартибда маъмурий баённома расмийлаштирилиб, автомашина жарима майдончасига жойлаштирилди.
Ҳайдовчининг хатти-ҳаракатлари юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.