Буюк Британиянинг Ливерпул шаҳрида World Boxing ташкилоти томонидан ўтказилаётган катталар ўртасидаги Жаҳон чемпионати қизғин давом этмоқда. 12 сентябр куни ярим финал баҳсларида иштирок этган барча ўзбекистонлик боксчилар финал йўлланмасини қўлга киритди.
Мусобақанинг 1/2 финал босқичида -65 кг вазн тоифасида Навбаҳор Ҳамидова Хитой Тайпейи вакили Чен Ньен-Чинни 3:2 ҳисобига мағлуб этди. 60 кг вазн тоифасида Абдумалик Халоков япониялик Шунсуке Китамотони 5:0 ҳисобига енгди.
Шунингдек, 75 кг вазн тоифасида Фазлиддин Эркинбоев озарбайжонлик Саиджамшид Жафаров устидан 4:1 ҳисобига ғалаба қозонди. 90 кг вазнда Тўрабек Ҳабибуллаев испаниялик Энмануэл Риес Планини 4:1 ҳисобига ортда қолдирди. +90 кг вазн тоифасида эса Жаҳонгир Зокиров хитойлик Данабиеке Байикевузени 5:0 ҳисобига мағлуб этиб, финалга йўл олди.
Ўзбекистон делегацияси беш нафар финалчига эга бўлди. Қолаверса, яна олти нафар боксчимиз ярим финал жангларида рингга чиқиши кутилмоқда.