Хитойнинг жануби-шарқида икки ёшли бола онасининг кутилмаган ўлими сабаб бир неча кун давомида уйда ёлғиз қолган ҳолда топилди. Бу ҳақда Zamon.uz хабар берди.
Маълум бўлишича, 28 ёшли Чжен Ю 17 август куни ўз уйида вафот этган. Унинг икки ёшли фарзанди — Мянмян исмли бола онасининг жасади ёнида бир неча кун давомида мустақил яшашга мажбур бўлган. Бола мураббо, ширинликлар ва сабзавот бўлаклари билан озиқланган.
Ҳодиса марҳуманинг дугонаси унинг билан узоқ вақт боғлана олмаганидан сўнг полицияга мурожаат қилиши натижасида очилган. Ҳуқуқ-тартибот органлари хонага кирганда Чженнинг жасади ва қаровсиз ҳолатдаги бола топилган. Қўшнилардан бири болани уйига олиб кириб, парвариш қилган ҳамда шифохонага етказган. Шифокорлар боланинг соғлиги хавф остида эмаслигини маълум қилган.
Чжен Ю ёлғиз она бўлиб, оғир турмуш шароитида яшагани айтилмоқда. У уч фарзанднинг онаси бўлган, бироқ фақат энг кичик фарзанди — Мянмян унинг қарамоғида яшаган. Чженнинг соғлиги билан боғлиқ муаммолари бўлгани, турли даволаниш жараёнлари ҳақида у ижтимоий тармоқларда ёзиб борган.