Мамлакатда жорий йилнинг 2 октябридан бошлаб Ўзбекистон ҳаво ҳудудида икки янгилик амалга киритилди. Бу ҳақда «Ўзаэронавигатсия» ДУК матбуот хизмати хабар берди.
Билдирилишича, эндиликда Ўзбекистон ҳаво ҳудуди UT коди билан эмас балки UZ коди билан фаолият юритади ҳамда ягона мутлақ баландлик ва ягона ўтиш эшелони ҳам белгилаб қўйилди.
Янги код Ўзбекистонга тегишлиликни кўрсатади ҳамда турли чалкашликларни бартараф этиб, маълумотларни янада аниқ, ишончли ва халқаро рақамли тизимлар билан мослашувчан қилади. У (ИCАО) стандартларига тўлиқ жавоб беради ва соҳа рақамли трансформациясига хизмат қилади.
«Бу эса аэронавигация маълумотлари тезроқ янгиланишини, янада қулай, аниқ ва хавфсиз бўлишини англатади», — дейилади «Ўзаэронавигатсия» маълумотида.
Бундан ташқари, ўтиш мутлақ баландлиги 13 000 фут этиб белгиланди, ўтиш эшелони эса 150 даражада ўрнатилди. Бу пилотлар ва диспетчерлар ишини енгиллаштиради, радиоалоқа сеанслари ҳамда процедуралар сонини камайтиради, ҳаво ҳаракатини бошқаришни янада аниқроқ қилади.
Ушбу технологиялар парвозларни нафақат хавфсизроқ, балки иқтисодий жиҳатдан ҳам самарали қилади, ёқилғи сарфини ва атроф-муҳитга чиқиндиларни камайтиради.
«Қабул қилинган чоралар нафақат Ўзбекистоннинг жаҳон авиация тизимидаги нуфузини мустаҳкамлайди, балки унинг ҳаво ҳудудини халқаро авиакомпаниялар учун янада қулай ва жозибадор қилади. Энги муҳими — бу ўзгаришлар парвозлар хавфсизлигини оширишга қаратилган», — дейилади хабарда.