Бугун, 6 октябрь куни Тошкент метрополитенининг Ғафур Ғулом бекатида чақалоқ дунёга келди. Бу ҳақда “Тошкент метрополитени” ДУК хабар берди.
Маълум қилинишича, поездларни кутиб олиш ва жўнатиш бўйича навбатчи ходима –М.Н.га хизмат давомида бекат ўтиш йўлагидаги ички ишлар ходими томонидан йўловчи аёлнинг ҳолати бўйича хабар берилган.
Бир лаҳзада вазиятни тўғри баҳолаган Н.М. хизмат давомида ўзига ўргатилган махсус билимлар ва кўникмаларни ишга солган ҳолда биринчи ёрдам кўрсатиб, воқеа жойида аёлнинг фарзандини соғ-омон дунёга келтиришига яқиндан кўмаклашган ҳамда чақалоқ соғлиги учун керакли ёрдамларни (киндик қисми боғланиб, янги туғулган чақалоқ нафас олиш рефлексини фаоллаштирган) кўрсатган.
Бу вақт ичида тез ёрдам хизмати ва аёлнинг яқинлари чақирилган. Тиббиёт ходимлари етиб келгунига қадар (тахмиман 10 дақиқа) ходимлар она ва чақалоқ ҳолатини назорат остида ушлаб, уларнинг хавфсизлигини таъминлаган.
Ҳозирда она ва чақалоқнинг соғлиги яхши, улар шифохонага етказилган.