Ижтимоий тармоқларда “Тузел” бекати яқинида метробусга йўловчилар сиғмаётгани ҳақида тарқалган хабарлар юзасидан “Тошкент метрополитени” ДУК маъмурияти расмий муносабат билдирди.
Қайд этилишича, видео ва фотосуратларда акс этган ҳолат “Тузел” метро бекатига яқин жойлашган умумий жамоат транспорти бекатларидан бирида кузатилган. Бу ҳудудда метробусдан ташқари яна 17 та йўналишда 186 та автобус қатнайди.
Шу сабабли, метро орқали ҳаракатланувчи йўловчилар ушбу нуқтадаги умумий транспорт оқимининг атиги 20 фоизини ташкил этади, дейилади расмий баёнотда.
“Тошкент метрополитени” жамоатчиликни ҳолатга бирёқлама баҳо бермасликка ва фақат расмий, аниқ манбаларга таяниб хулоса чиқаришга чақирди.